Tesla компаниясининг автоном бошқарув тизимига эга автомобиллари автопилот ёрдамида 160 миллион километрни ортда қолдирган. Компаниянинг автоном бошқарув тизимларини ишлаб чиқиш бўйича директори Стирлинг Андресон Сан-Францискода бўлиб ўтаётган EmTech Digital анжуманида шундай маълумотлар билан ўртоқлашган, деб хабар қилмоқда The Verge.

Tesla бош менежерининг сўзларига кўра, компания электромобиллари бир кунда автопилот билан 4 млн километр юради. Шундай қилиб, айтиш мумкинки, автоном бошқарув тизимига эга 70 минг машинанинг ҳар бири кунига салкам 60 километрни ҳайдовчи иштирокисиз босиб ўтади. 

Аммо Андресоннинг қайд этишича, ҳайдовчи автопилотдан, кутилмаган ҳолат вужудга келганда бошқарувни ўз қўлига олиш имкони бўлганида фойдаланиши лозим. 

Мазкур бошқарув тизимлари, Теслаларда ўтган йилнинг октябридан пайдо бўлди. Компания автопилотлари, машинани бир йўлакда сақлаш, ҳаракатланиш тезлигини ўзгартириш, ҳайдовчи қайрилиш сигналини ишга туширганда, мустақил равишда буйруқни амалга ошириш ҳамда тўхташ жойини топиб, жойни эгаллаш имконига эга. 

Tesla’нинг янги дастурий таъминоти чиққач, компания раҳбарияти йўлдаги ҳар қандай вазият учун масъулият барибир ҳайдовчига тушиши ҳақида баёнот берди.