"Толибон" ҳаракати ўз етакчиси мулла Ахтар Муҳаммад Мансурнинг ўлимидан кейин унинг ўрнини Мавлавий Ҳайбатулла Охунзода эгаллагани ҳақида маълум қилди.

BBC News маълумотига кўра, Охунзода мулла Мансурнинг яқин кишиларидан эди.

У Қандаҳордаги жангариларга бошчилик қилган ва толибонлар уни диний раҳнамо сифатида ҳам ҳурмат қилишади.

"Ҳаққоний тармоғи" етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний ва ташкилот асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб эса янги раҳбарнинг ўринбосарларига айланган.

21 май куни мулла Ахтар Муҳаммад Мансур Покистоннинг Аҳмад-Вали шаҳридан жануби-ғарбда автомобилда ҳаракатланаётганида америкалик ҳарбийлар томонидан бир йўла бир неча учувчисиз қурилма воситасида ўтказилган амалиёт натижасида йўқ қилинганди.

Ахтар Муҳаммад Мансур 2015 йилнинг июлида, "Толибон"нинг аввалги етакчиси Муҳаммад Умар 2013 йилдаёқ ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот ошкор бўлганидан кейин унинг ўрнини эгаллаганди.

Мулла Мансурнинг ўрнига ташкилотнинг янги раҳбари бўлишга даъвогарлар қаторида мулла Бародар ҳамда Сирожиддин Ҳаққоний номлари келтирилганди.