Келаётган ёз мавсумида «Тошшаҳартрансхизмат» шаҳар жамоат транспортида кондиционерлар ўрнатишни режалаштирмаяпти

Шунингдек компания яқин кунларда кондиционер ўрнатилган тайёр автобусларни сотиб олишни ҳам режалаштирмаётганини маълум қилди. Компания иссиқ ҳарорат билан курашиш учун салонларда дераза ойналари ва шифт люкларидан фойдаланиш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Ўтган йили ҳам компания автобусларда кондиционер ўрнатиш тўғрисидаги саволга рад жавобини берган эди. Компания маълумотларига кўра, кондиционер тизими ўрнатилган автобусларнинг юқори қиймати ва уларга кейинчалик техник хизмат кўрсатиш сабаб ҳозирча бундай автобусларни сотиб олишнинг имкони йўқ.

Компаниядан маълум қилишларича, йўловчиларни ташиш шундоқ ҳам чекланган тарифга асосланади - бир йўловчини ташиш нархи белгиланган тарифдан 15 фоиз юқорини ташкил қилади. Имтиёзли йўловчи карточкалари ҳамда тарнспортда бепул  юриш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 7 тоифасини ҳисобга олганда, йўловчиларни ташиш - зарарга фаолият кўрсатадиган иш ҳисобланади.