Бухорода пайшанба куни ХV анъанавий Ипак ва зираворлар халқаро фестивали очилди.

28 майгача давом этадиган тадбир миллий ҳунармандликни ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда туризмни равнақ топтиришга қаратилган.

Кенг кўламли кўргазма-савдо расталарида Бухоро мис-кандакорлик асарлари, кулолчилик ва заргарлик буюмлари, зардўзлик либослари, деворий кашталар, водий атласу адраслари, дўппилари, чинни идишлари, Сурхоннинг жун ва ипакдан ишланган маҳсулотлари, тошкентлик усталарнинг ёғоч ўймакорлик ашёлари, Жиззахнинг бисер-мунчоқли санъат асарлари, умуман, мамлакат ва хорижлик ҳунармандларнинг ипак маҳсулотлари, зираворлар, шифобахш дармондорилар намойиш этилмоқда.

Бухоро рассомлик ва миниатюра, заргарлик, зардўзлик, мис-кандакорлик, темирчилик, гиламчилик ва Ғиждувон кулолчилик мактаблари усталарининг маҳорат дарслари ташкил этилди.

Фестивалда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари фольклор-этнографик жамоалари ўз дастурларини намойиш этмоқда. Тадбир доирасида миллий спорт мусобақалари, халқ ўйинлари, миллий таом — палов тайёрлаш бўйича ошпазлар кўрик-танлови ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихига оид фильмлар, замонавий ва миллий анъаналар мужассамлашган либослар коллекциялари намойиш этилмоқда.