Google компанияси «Google Фото» хизмати фаолиятининг биринчи йиллик ҳисоботини чоп этди. Бу ҳақида корпорациянинг расмий блогида хабар берилган.

Булутли хизматнинг бир йиллик фаолияти давомида унинг фойдаланувчилари сони 200 миллиондан ортиб кетди, биринчи 100 миллион нафари хизмат ишга тушиши билан пайдо бўлган. Фотосуратларнинг ички таҳрири ёрдамида 1,6 миллиард анимация, коллаж ва роликлар яратилган. Хабар қилинишича, хизмат туфайли фойдаланувчилар қурилмаларидаги 13,7 петабайт ҳажмли маълумотларни бўшатишга муваффақ бўлишган. Google ҳисобига кўра, барча юкланган суратларни кўриб чиқиш учун 424 йил вақт керак бўлади.

Хизмат объектларни ўзи аниқлай олиши ва уларга теглар белгилай олиши мумкин. Шундай қилиб, дастур мустақил тарзда 24 миллиард селфидан иборат турли фотосуратларга 2 триллиондан ортиқ тегларни белгилаган.  

Google компаниясининг «Фото» хизмати 2015 йилнинг май ойида ишга тушган бўлиб, “булут” чексиз миқдордаги суратларни сақлай олиш имконига эга. У 2015 йилнинг 1 августида якунланган Google+ Photos ўрнига ишга тушган.