Мексика полицияси «Олимпиакос» жамоасининг мексикалик легионери Алан Пулидонинг озод қилингани ҳақида маълум қилди.

Мексика терма жамоасига номзод ҳисобланувчи 25 ёшли бу футболчи соғ-саломат ҳолда қайтарилган, тиббий кўрикдан ўтказилган. Уни қутқариш учун ўтказилган амалиёт ҳақида батафсил маълум қилинмаган.

Пулидо 28 май оқшомида Сьюдад-Виктория шаҳридаги (Тамаулипас штати) зиёфатдан қайтишда ўғирлаб кетилганди.

Спортчи кечага ўз дугонаси билан борган. Базмдан кейин футболчи ўз автомобилида кетган. Йўлда футболчининг машинасини бир нечта юк машинаси қуршаб олган ва жиноятчилар уни куч билан номаълум томонга олиб кетишган. 

Футболчининг ёнидаги қиз воқеа рўй берган жойда қолдириб кетилганди. Унга зиён етмаган.