Ўзбекистонда намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлар нархи баллар асосида белгиланади.

Sputnik агентлиги хабарига кўра, бугунги кунда бундай уйларнинг нархи ўртача 200 млн сўмни ташкил қилади. Киритилаётган баллар тизими янги уйларнинг нархига шаҳардан яқин ёки узоқда жойлашганига қараб ўзгариш киритади.

"Биз уйларнинг нархини ошира олмаймиз, чунки ушбу уйлар республиканинг турли бурчакларида қурилишига қарамасдан, бир хил қурилиш нормативлари асосида барпо этилган. Киритилаёган баллар тизими ерни баҳолаш имконини беради. Мисол учун, бугунги кунда Тошкент вилоятида жойлашган уйлар Сурхондарё ёки Хоразм вилоятидаги уйлардан қиммат туради. Умуман пойтахтдан ёки шаҳардан узоқ бўлган ерлар арзон нархланади. Уйларнинг нархи ҳам шундан келиб чиқади. Мисол тариқасида, уйнинг шартли нархи Тошкент вилояти учун 1,5 Қашқадарё вилояти учун эса 0,9 коэфицентига кўпайтирилади", — деб изоҳ берган агентлик суҳбатдоши.

Манбанинг фикрига кўра, бу бозор қонунларига мос бўлиб, ушбу уйларни кейинчалик қимматроқ нархга сотиш учун сотиб олаётган олибсотарлар фаолиятига чек қўйиш учун хизмат қилади.

"Биз ушбу уйларни уларга ҳақиқатдан ҳам эҳтиёжи бўлган фуқаролар сотиб олиши учун имконият яратмоқчимиз. Шу билан бир вақтда намунали уйлар бозорида кўпайган олибсотарликка чек қўймоқчимиз. Шу муносабат билан Ўзбекистонда йил бошидан бери кредит тўловлари тўлиқ амалга оширилмаган уйларни олиб-сотиш бутунлай тақиқланган", — дейди манба.

Бугунги кунда "Қишлоқ қурилиш банки" мутахассислари янги баллар тизимини киритиш буйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф тайёрламоқда. Ҳукумат томонидан ушбу таклиф кўриб чиқилгач, қандай қарор қабул қилиниши ҳақида тахмин билдирилмаган.

Унинг қайд этишича, янги типдаги қишлоқ уйлари қурилиши янги дизайнлар орқали жорий этилади. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли институтлари шу борада лойиҳалар ишлаб чиқишмоқда. Йил охиригача бу борада ҳам қарор қабул қилиниши кутилади. Янги дизайнга кўра, бундай уйларнинг яшаш учун қисми иккинчи қаватга жойлаштирилади, биринчи қават эса савдо нуқталари, маиший хизмат кўрсатиш уйлари, маҳалла қўмиталари учун ёки бошқа ижтимоий мақсадларда фойдаланилади.

Маълумот учун, 2015 йил вилоятнинг 37 массивида намунавий лойиҳалар асосида 1235 та уй-жойлар қурилиши белгиланган. Айни кунларда мазкур уй-жойларнинг аксарияти ўз эгаларига топширилиб, айримларида ишларни йил охиригача якунлаш мақсадида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

2016 йилда республиканинг 300та массиви ва 151та қишлоқ ҳудудларида 13 мингта уй қурилиши учун қарийб 2,5 триллион сўм йўналтирилган. Қурилиш ишлари билан 2 мингдан ортиқ пудратчи ташкилотлар шуғулланади.

2009-2015 йиллар мобайнида 1167та ҳудудда 56557та намунавий уй қурилган.

Йил бошидан буён "Қишлоқ қурилиш банк" 2,5 мингта уйни фойдаланишга топширган, йил охиригача бундай уйлар 8,5 мингтадан ошади.

Банк 2009 йилдан буён 46391та шахсий турар жой уйи қурилишини молиялаштириш учун 5,39 трлн сўм йўналтирган.