2016 йилги Америка Кубоги мусобақаси АҚШда бўлиб ўтади. Бу сафарги турнирнинг ўтказилиши Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) ташкил топганининг 100 йиллигига тўғри келмоқда. Шунингдек, бу илк марта Жанубий Америка материгидан ташқарида ўтказилаётган Америка Кубогидир.

Бугун бошланадиган турнирда КОНМЕБОЛнинг 10та терма жамоаси ҳамда Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари конфедерациясининг (КОНКАКАФ) 6 аъзоси (тарихда илк марта, аввалги турнирларда кўпи билан 4та терма жамоа таклиф этиларди - таҳририят) қатнашади. Конфедерациянинг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган махсус Америка Кубоги-2016 ғолиби 2017 йили Россияда ўтказиладиган Конфедерациялар Кубогида иштирок эта олмайди, Россияга 2015 йилги Америка Кубогида ғолиб чиққан Чили терма жамоаси келади.

Жанубий Америка мамлакатлари ўртасида футбол бўйича илк турнир 1916 йили ташкил этилганди. 1975 йилдан буён турнир 4 йилда 1 марта ўтказиладиган бўлди.

Шу вақтгача Уругвай терма жамоаси бу турнирда энг кўп марта ғолиб бўлган (15 марта). Аргентина бу сафарги турнирда ғолиб чиқиш орқали уругвайликлар билан тенглашиб олиши мумкин бўлади.

КОНМЕБОЛНИНГ 10 вакили: Аргентина, Боливия, Бразилия, Чили, Колумбия, Эквадор, Парагвай, Перу, Уругвай, Венесуэла.
КОНКАКАФнинг 6 вакили: АҚШ, Мексика, Коста-Рика ва Ямайка, Панама, Гаити.

Гуруҳ босқичи ўйинлари АҚШнинг 9та шаҳрида ўтказилади: Фоксборо, Ист-Рутерфорд, Филадельфия, Чикаго, Орландо, Хьюстон, Глендейл, Пасадин, Санта-Клара ва Сиэтлл.

Гуруҳ босқичидан 1 ва 2-ўринларни эгаллаган 8 жамоа кейинги босқичга йўл олади. Чорак финал баҳслари 16-18 июнь кунларига белгиланган. Турнир финали 26 июнь куни Нью-Жерси штатидаги Ист-Рутерфорд шаҳрининг "Метлайф" стадионида ўтказилади.