Германия Туркия билан барча томонлама муносабатларни қўллаб-қувватлашга тайёр, баъзи саволлар бўйича турли фикрлик бўлса-да, икки давлатни кўп жиҳатлар бирлаштиради, деб айтди Германия канцлери Ангела Меркель Берлинда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан биргаликда берган матбуот-анжуманида журналистларга.

2 июнда Анқара Германия бундестаги депутатлари томонидан 1915 йилда турклар томонидан арманларга нисбатан амалга оширилган жиноятларнинг геноцид деб тан олинишига чақирувчи резолюцияни қабул қилганларига жавобан ўзининг Берлиндаги элчисини маслаҳатлашув учун ортга қайтариб олди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған журналистларга "бу қарор Туркия ва Германия ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсатишини" айтган.

"Мен НАТО бош котиби олдида Германия ва Туркияни кўп нарса бирлаштиришини айтмоқчиман. Баъзи саволлар бўйича турли фикрлик бўлса-да, бироқ бизнинг муносабатларнинг кенглиги, мудофаа масаласидан тортиб бошқа кўплаб масалаларгача дўстона ва стратегик муносабатларимиз кенеглиги жуда катта. Шунинг учун мен ва федерал ҳукумат Арманистон ва Туркия ўртасида 101 йил аввалги воқеалар масаласидаги суҳбат олға боришига кўмак беришни истардик, биз ҳамкорлар яна тарих билан қандай ишлаш кераклиги ҳақида гаплаша олишлари ҳамда немис-турк муносабатларини барча жиҳатлар бўйича қўллаб-қувватлаш учун барча ишни қиламиз", деб айтди Меркель. 

Туркия арманлар геноциди бўйича айбловларни инкор қилиб, 1915 йилдаги фожиада арманлар каби турклар ҳам қурбон бўлганини тасдиқлаб келади. Арманистон жаҳон ҳамжамияти томонидан Усмон империясида арманлар геноцидига йўл қўйилгани тан олинишини талаб қилиб келади. Геноцид ҳолати кўплаб давлатлар, жумладан Россия, Франция, Швейцария, Польша ҳамда Европарламент ва Бутунжаҳон черковлар кенгаши томонидан тан олинган.