Сурия армияси ИШИД пойтахти сифатида ҳисобланадиган Раққа шаҳри йўналишида ҳужум бошлади. Бу ҳақда Ливандаги Al-Akhbar газетаси хабар берган.

Бундан олдинроқ, Раққани озод этиш учун мухолифатдаги "Сурия демократик кучлари" отрядлари жанг бошлагани ҳақида маълум қилинганди.

Нашрнинг маълумотига кўра, янги амалиётни бошлаш бўйича қарор Сурия ҳукумати томонидан мамлакат шимоли-шарқидаги Дэйр аз-Зор шаҳрига ҳужум қилиш режаси бекор бўлганидан кейин қабул қилинган. Ҳукумат биринчи навбатда Раққага олиб борувчи йўлда жойлашган Ат-Табка шаҳрини эгаллаш муҳим деб ҳисобламоқда.

Нашрда ёзилишича, Сурия армияси бўлинмалари бир неча кундан буён Ҳама вилоятидаги Асрия шаҳарчасидан туриб Раққага юриш бошлашга тайёрланмоқда.

2 июнь куни Сурия армияси Асриядан чиқиб, 80 км масофадаги Ат-Табка шаҳрида ўрнашган ИШИД жангариларига қарши ҳужум бошлагани хабар қилинганди.

Бу амалиётдан мақсад Раққани эгаллаш эмас, Ат-Табкага яқинлашиб, Ал-Асад сув омборида назорат ўрнатиш ҳисобланади.

Бу ҳужум февраль ойида режалаштирилган, аммо ой охирида ўт очишни тўхтатиш бўйича битим тузилиши бу ҳужумни кечиктирган.