Давлат тергов гуруҳи Suzuki Motor автомобилсозлик компаниясининг Хамамацу шаҳридаги бош қароргоҳи ходимларини сўроқ қилиб, ҳужжатларини мусодара қилмоқда. Бундан аввал, компания раҳбарияти, машиналарининг ёқилғи сарфини аниқлашда, белгиланган талабларга риоя этмагани хусусида баёнот берган эди, деб хабар қилмоқда Kyodo агентлиги.

Маълум бўлишича, Suzuki Motor томонидан ички бозор учун ишлаб чиқарилган  26 моделдаги жами 2,14 млн дона автомобилларида зарурий синов жараёнларига амал қилинмаган.

Бунда экспорт учун чиқарилган машиналарда қоидабузарликларга йўл қўйилмаган. Suzuki Motor вакилларининг таъкидлашича, ёқилғи сарфига оид хулосалар, синовни ўтказиш қоидаси бузилганига қарамай, ҳақиқатга мос келади.

Аввалроқ, Suzuki Motor автоконцерни тормоз тизими эҳтиёт қисмларини етказиб беришдаги узилишлар сабаб, Япониядаги 3та заводида ишлаб чиқаришни тўхтатгани эълон қилинганди.