Колумбия терма жамоаси футболчилари Америка кубогининг илк ўйинида АҚШ терма жамоасидан 2:0 ҳисобида устун келди. 

Голларни ҳимоячи Кристиан Сапата (8-дақиқа) ва ярим ҳимоячи Хамес Родригес ўйиннинг 44-дақиқасида пенальтидан киритган. 

Жанубий Америка футбол конфедерацияси ва Жанубий Америка биринчи чемпионатининг 100 йиллигига бағишланган юбилей мусобақанинг очилиш ўйинига ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам ташриф буюрди. Мазкур ўйин, илк бор Жанубий Америка қитъасидан ташқарида ўтказилгани билан ҳам тарихда қолади. 

Колумбия ва АҚШ жамоалари А гуруҳидан жой олган бўлиб, унда шунингдек, Парагвай ва Коста-Рика термалари ҳам ўрин олган. Уларнинг ўйини 5 июнь куни бўлиб ўтади. 

Колумбия термасининг навбатдаги рақиби Парагвай миллий жамоаси бўлса, АҚШликлар Коста-Рика вакиллари билан куч синашади. Иккала ўйин ҳам 8 июнь кунига белгиланган.