26-30 май кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида самбо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. 17 давлатдан келган спортчилар орасида мамлакатимиз терма жамоаси 55та медаллар (20та олтин) шодасини қўлга киритиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги андижонлик атлетлар ҳам ўзларини кўрсатдилар. Вилоятнинг Олимпия заҳиралари коллежи ва яккакураш спорт турларига ихтисослашган БЎСМ тарбияланувчиларининг қитъа миқиёсида ўтказилган нуфузли мусобақадаги иштироки муваффақиятли бўлди.

Жумладан, Улуғбек Мамажонов 48 килограмм вазн тоифасида, Шерзод Расулов 62 кг вазнда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, қизлар ўртасидаги баҳсларда Ҳожинисо Камолдинова(70 кг) ва Маликабону Мирзаева(56)лар ўз тоифаларида чемпионликни қўлга киритдилар. Сардорбек Тўланов, Зарнигор Ўрмонова, Севара Муҳаммадюлдашева, Раҳмат Аҳмедовлар иккинчи ўрин, Жаҳонгир Машрапов, Жасурбек Содиқов, Ойдиной Бозорова, Наврўзбек Назаровлар эса учинчи ўрин соҳибига айландилар.

Куни кеча Андижон олимпия заҳиралари коллежида ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов ёш атлетларимизни эришган ютуқлари билан табриклаб, уларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.