Кейинги ҳафтада Франция Евро-2016 чемпионатини қабул қилади ва кўпчилик мусобақа террорчилар нишонига айланишидан жиддий хавотирланмоқда: ИШИД Европага ҳужумлар уюштиришни давом эттиришини яширмаяпти. Шу муносабат билан АҚШ Давлат департаменти ўз фуқароларига Евро-2016’га ёки Польшадаги католик ёшлар кунларига бормасликни тавсия қилмоқда.

Бу орада Франциялик ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари чемпионат хавфсизлигини таъминлаш учун барча ишни қилмоқдалар. Ички хавфсизлик бош бошқармаси 3,5 минг қўриқчи ва қўриқлаш агентликларини текшириб, улар орасида 82 нафар киши потенциал хавфли шахслар эканлигини аниқлади. Бу одамлар экстремистик ташкилотлар билан алоқалари учун "шубҳали шахслар" базасига киритилди. 

Евро-2016 10 июндан 10 июлгача Франциянинг Париж, Лион, Марсель, Сен-Дени, Ницца, Тулуза, Бордо каби шаҳарларида бўлиб ўтади. Бу шаҳарлардаги стадионлар кўп минглик мухлислар билан лиқ тўла бўлади ва агарда бахтга қарши теракт юз берса, қурбонлар кўп бўлиши айтилмоқда. Бу орада француз махсус хизматлари барчаси улар назоратида эканлигини таъкидламоқдалар.