Қирғизистон ҳукуматининг Бишкек шаҳри яқинидаги қароргоҳи "Ала-Арча"да МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари йиғилиши ўтказилиши бошланди. 

Саммитда 22 та масала кўриб чиқилиб, тегишли ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Ушбу ҳужжатлар орасида ахборот алмашиш тўғрисида, электр энергетикаси объектларидаги авариялар тўғрисида, электр энергетика соҳасида профессионал таълим бўйича ҳамкорлик тўғрисида, радиоактив манбаларни кўчириш масалалари бўйича ахборот ҳамкорлиги тўғрисидаги битимлар бор.

Айни вақтда РФ бош вазири Дмитрий Медведев, Қозоғистон бош вазири – Карим Мисимов, Молдавия бош вазири– Павел Филип, Беларусь бош вазири – Андрей Кобяков, Тожикистон бош вазири – Қаҳҳор Расулзода ҳамда Қирғизистон бош вазири Жоонбек Сооронбоев иштирокида тор доирадаги мажлис бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Арманистон бош вазир ўринбосари Ваче Габриелян, Озарбайжон бош вазири ўринбосари Аюбов Ёқуб Абдулла ўғли ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Сатлиқ Сатлиқов ҳам Бишкекда. Украина вакили сифатида мамлакатнинг Қирғизистондаги элчиси Николай Дорошенко ҳамда МДҲ ижроия қўмитаси раиси асосий йиғилишларда иштирок этиш учун етиб келиши кутилмоқда.

Йиғилишда МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Йиғилишдаги муҳокамаларнинг асосий қисми иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масалаларига қаратилади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалаларга эътибор қаратилади.