Россиянинг Иркутск шаҳрида мамлакатнинг энг янги авиаишланмаси - МС-21 йўловчи самолёти тақдимоти бўлиб ўтди. Авиазаводда бўлиб ўтган тантанали маросимда, РФ бош вазири Дмитрий Медведев, унинг ўринбосарлари ҳамда саноат ва савдо вазири ҳам қатнашган. 

МС-21-300 самолётини ишлаб чиққан «Иркут» компанияси раҳбари Олег Демченконинг баёнот беришича, унинг илк парвози 2016 йил декабри – 2017 йил феврал ойларида бўлиб ўтади. 2018 йил охирига келиб, миллий сертификатни олиш ва янги ҳаво лайнерларини буюртмачига етказиб бериш режалаштирилган. 

МС-21-300 яқин-ўртамасофага парвоз қилувчи самолётлар туркумига киради. Унинг 300-моделидан ташқари, 165 йўловчига мўлжалланган МС-21-200 русуми ҳам бор. МС-21-300 эса, 211 нафар кишини манзилига етказа олади. 

Корпорация раҳбарининг сўзларига кўра, МС-21ни етказиб бериш бўйича 175 та «аниқ» ва 100та «эҳтимолий» буюртма келиб тушган. «Аэрофлот» компаниясининг ўзи 50та шундай самолёт харид қилиш истагини билдирган.