Toyota компанияси, 9 июнь куни иш бошлайдиган Токио ўйинчоқлар кўргазмасида Camatte Capsule концептуал трейлерини намойиш этади. Унинг илк намунаси болаларга ўзлари учун энг ажойиб хонани шакллантириш имконини берадиган интерактив тизимга эга. 

Трейлернинг габарит ўлчами қуйидагича: унинг бўйи 3785 мм, эни 1500 мм, баландлиги эса 1845 ммга тенг. Концептнинг ички деворига учтадан катта экран ўрнатилган бўлиб, уларда интерьер буюмларининг суратлари акс этади. 

Болакай махсус мобиль иловага эга планшет компьютер ёрдамида хона учун 6та тус ва 24та турли буюмдан хоҳлаганини танлай олади. Улар орасида, мебель, мусиқа асбоблари, спорт буюмлари ҳамда хўжаликда дуч келинадиган бошқа нарсаларнинг суратлари мавжуд. 

Болалар интерьер тайёр бўлгач, уни ота-онаси билан муҳокама этишлари мумкин. 

Айтиш жоизки, мазкур трейлер «Тойота»нинг болалар учун махсус ишлаб чиққан биринчи маҳсулоти эмас. Аввалроқ, Camatte дастури доирасида Sora ва Daichi электр прототиплари, шунингдек 57 ва Hajime концептлари ишлаб чиқилган эди. Булар, болаларга машина бошқаришни ўргатиш мақсадида ясалганди.