Ўзбекистон меҳнат вазири Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори билан учрашди.

Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер билан учрашди. Швейцариянинг Женева шаҳрида ташкил этилган 105-Халқаро меҳнат конференцияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ХМТнинг етакчи департаментлари раҳбарлари ҳам қатнашди, дея хабар қилмоқда Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати. 

Гай Райдер Ўзбекистон ўзи томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари доирасидаги мажбуриятларини бажаришда шаффоф ва тарафдор эканлигини, халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ қилишда сезиларли ўсишга эришганини қайд этиб ўтган. 

Мазкур жараёнда Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-сотиқ палатасининг мос равишда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Халқаро иш берувчилар ташкилотига аъзо бўлгани муҳим аҳамият касб этади.

ХМТ раҳбари ташкилот меҳнат соҳасида асосий тамойилларни амалга ошириш ҳамда бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича фаолиятнинг янги йўналишларини шакллантириш, уларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб ўтган.