Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида юз берган 2та теракт туфайли қурбон бўлганлар сони камида 22 нафарни ташкил қилмоқда. Шунингдек, 70дан ортиқ киши жароҳатланган.

Аниқлик киритилишича, ал-Жадид туманида автомобиль портлатилиши орқали содир этилган теракт туфайли 15 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки хабарларда бу теракт оқибатида 8 киши ҳалок бўлгани айтилганди.

Шунингдек, Бағдоддан шимолдаги Таджи туманида портлаш юз берган ва 7 киши ҳалок бўлиб, 20дан ортиқ киши жароҳатланган.

Бу терактлар учун ҳозирча ҳеч қайси ташкилот жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Ироқ ҳарбийлари айни вақтда Ал-Фалужа шаҳрини ИШИДдан озод этиш учун уруш олиб бормоқда. Бу шаҳар Бағдоддан 57 км ғарбда жойлашган.