Ўзбекистонда 10 июнь кунидан электрон давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2015 йилнинг 3 декабрида маъқулланганди.

Ҳужжат 2015 йилнинг 9 декабрь кунида Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов томонидан имзоланганди.

Қонун 5 боб, 34 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши белгиланганди. «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун «Умумий қоидалар», «Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш», «Электрон давлат хизматларини кўрсатиш», «Электрон ҳукуматнинг ишлашини ташкил этиш» ва «Якунловчи қоидалар» каби 5 бобдан таркиб топган.

Қонунга кўра, электрон ҳукумат – давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли органдир.

Электрон давлат хизматлари ахборот ва интерактив давлат хизматлари тарзида бўлиши мумкин.

Қонунга кўра, сўралаётган электрон давлат хизмати бўйича электрон ҳужжат тарзида юборилган жавоб қоғоз шаклида юборилган жавобга тенглаштирилади.

Электрон давлат хизматлари ариза берувчиларга давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали ҳамда давлат органлари томонидан кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларидан фойдаланишнинг ягона нуқтаси бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2 июнь куни «Электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунни амалга татбиқ этиш доирасида қабул қилинди.

Ҳужжатда давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш жараёнида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, аҳоли ва бизнес вакилларидан талаб қилинадиган ҳужжат ва сўровларни қисқартириш, хизмат кўрсатиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек, давлат органлари ҳужжатларини ягона шаклга келтириш каби вазифалар белгилаб берилган.

Электрон давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш тартиби бир неча босқичдан иборат. Аввалига аҳоли ва бизнес вакилларига кўрсатиладиган, талаб юқори бўлган хизматлар таҳлиллар асосида аниқлаб олиниб, самарали хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тўсиқлар ўрганилади.

Шундан сўнг электрон хизматларни кўрсатишнинг энг мақбул усули ишлаб чиқилиб, қонунчилик доирасида жамоатчилик ва экспертлар фикр-мулоҳазаси асосида такомиллаштирилади.

Юқоридагилардан ташқари, қонунда электрон давлат хизматлари регламентини ишлаб чиқиш, шунингдек, вазирликлараро электрон алоқа ва электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари (жисмоний ва юридик шахслар, кадстр, кўчмас мулк, географик ва бошқа объектларни аниқлаштиришга имкон берадиган ўзига хос кодлар) кўзда тутилган.