Францияда 10 июндан 10 июлгача бўлиб ўтадиган Евро-2016 мусобақаси ҳали бошланмаган бўлса-да, бироқ баъзи бебош фанатлар "ўзларини кўрсатишни" бошлаб юборишди. Англиялик 200 га яқин футбол фанатлари Франциянинг Марсель шаҳрида тартибсизлик қилишди. Бу ҳақда 10 июнда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Кўпчилиги маст ҳолатда бўлган инглизлар Бретей кўчасида маҳаллий аҳоли билан муштлашувга киришган. Фанатлар йўлларида учраган ресторан ва барларга ҳужум қилган. Улар "қурол" сифатида шиша идишлар ва стулларни қўллаган.                                  

Полицияга тартибсизликларга чек қўйиш учун маълум вақт ва кўзни ачиштирувчи газ керак бўлди. Кўпчилик фанатлар қочиб кетишга муваффақ бўлган, улардан бир нечасигина ушланган. 30 га яқин полициячи кўчани тўсиб олган.

Бугун, 10 июнда бошланадиган Евро-2016 мусобақасининг гуруҳ босқичидаги Англия ва Россия ўртасидаги учрашув Марселда 11 июнда бўлиб ўтади. Шу туфайли шаҳарга 150 мингга яқин инглиз футбол фанатлари келиши кутилмоқда.