"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ бош мураббийлари Алекс Фергюсон ва Дэвид Мойес 2016 йилги Европа чемпионатида УЕФАнинг техник кузатувчилари қаторига киритилдилар. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизмати маълум қилди.  

Ҳаммаси бўлиб техник кузатувчилар таркибига 13 нафар собиқ футболчи ва мураббий киритилди, улар орасида немис Томас Шааф, серб Саво Милошевич, инглиз Гарет Саутгейт, француз Ален Жиресс бор. Улар ҳар бир учрашув натижасига кўра учрашувнинг энг яхши ўйинчисини аниқлашади. Шунингдек, улар мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, энг яхши ёш ўйинчиси номини айтишади ва рамзий терма жамоасини аниқлашади. 

Фергюсон "Манчестер Юнайтед"га 1986 йилдан 2013 йилгача мураббийлик қилган. У бу давр ичида 13 марта Англия чемпиони, 5 марта Англия кубоги соҳиби бўлган, 2 марта Чемпионлар Лигасини қўлга киритган. 1999 йилда бир мавсумнинг ўзида Англия чемпиони, Англия кубоги ва Чемпионлар Лигаси ғолиби унвонларини қўлга киритгач, рицар даражасига кўтарилган.

Фергюсоннинг ўрнини эгаллаган Мойес 2013/14 йиллардаги мавсум якунланишига бир неча тур қолганда қониқарсиз натижалар учун истеъфога чиқарилганди. У шундан кейин Испаниянинг "Реал Сосьедад" клубида фаолиятини давом эттирган.