Швейцария терма жамоаси футболчиси Гранит Чака ўзининг Instagram саҳифасига Европа чемпионатининг 1-тури доирасида Албанияга қарши ўйиндан олдин таъсирли мактуб жойлаштирди.

У бугунги ўйинда ўзига рақиб бўладиган акаси Таулант Чакага мурожаат қилган ва у билан болаликдаги суратини келтирган.

"Ака, сен ва мен ҳамиша барча ишни биргаликда қилганмиз. Қанақа иш бўлишидан қатъи назар. Бугун илк марта аксинча бўлади: биз бир-биримизга қарши иш қиламиз, майдонга рақиблар сифатида тушамиз. Умид қиламанки, бу биринчи ва охиргиси. Мен умид қиламанки, 90 дақиқа давомида рақиб бўлсакда, ака-укалигимизни ёддан чиқармаймиз. Футбол ўйини бизнинг дўстлигимиз, бизнинг биродарлигимизга заррача таъсир қила олмайди. Сенга ўйинда омад тилайман. Ҳамиша саломат бўл. Сен ҳамиша мен учун ўрнак бўлгансан", деб ёзган Гранит Чака.