Бугун Европа чемпионатининг гуруҳ босқичидаги 1-тур учрашувлари доирасида D гуруҳи вакиллари Туркия ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади.

Учрашув Париждаги «Парк де Пренс» стадионида Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланиши белгиланган.

Учрашув ҳаками этиб швециялик Йонас Эриксон тайинланган.

8 йил олдин Хорватия ва Туркия Европа чемпионатлари тарихидаги энг эсда қоларли учрашувлардан бирини тақдим этганди. Ўшанда ўйин якунига саноқли дақиқалар қолаётганида хорватлар олдинда боришган, лекин турклар мўъжиза кўрсатиб, ўйинни пенальтилар сериясигача олиб борган ва Славен Билич шогирдларини "футбол лотереяси"да мағлубиятга учратишганди.

Ўша йили хорватлар яхши жамоа тузишган бўлсада, ҳали Модрич ва Ракитич ёш эди ва ўзларининг юқори спорт формаларига чиқишмаганди. Франциядаги чемпионатга кейинги йилларда Испания чемпионатидаги энг ёрқин футболчиларга айланган Модрич ва Ракитич Анте Чачич бошчилигида терма жамоа етакчилари сифатида келди ва уларда турклардан қасос олиш имкони бор.

Хорватия термаси Европа чемпионатида 14 ўйин ўтказиб, 6 ғалаба, 4 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 18:16. 

Турклар саралаш босқичининг дастлабки 3та турида атиги 1 очко тўплашганди. Аммо улар мардонавор ўйинлар кўрсатишни бошлашди ва навбатдаги мўъзижани кўрсатиб, босқич якунида йўлланмага эга бўлишди. Туркия термаси Европа чемпионатида 12 ўйин ўтказиб, 3 ғалаба, 2 дуранг ва 7 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 11:18.

Жамоа етакчилари сифатида Арда Турон ва Ҳоқон Чалханўғлини келтириш мумкин. Фотиҳ Терим шогирдлари ҳимоявий ўйин кўрсатиши кутилмоқда.

Ушбу жамоалар шу кунга қадар 6 марта тўқнаш келишган. Ўйинларнинг 2 тасида хорватлар ғалаба қозонишган бўлса, қолган 4 беллашувда дуранг натижаси қайд этилган. Тўплар нисбати хорватлар фойдасига 8:4.

ФИФА рейтингида Туркия 18, Хорватия 27-ўринда бормоқда.

УЕФА расмий сайтида мураббийлар майдонга тушириши мумкин бўлган тахминий таркиб келтирилган.

Туркия: Вулқон Бабажон; Гекхан Генюл, Меҳмет Тўпал, Ҳоқон Болта, Жанер Эркин; Ўзан Тўфан, Салжуқ Инан; Вулқон Шон, Ҳоқон Чалхонўғли, Арда Турон; Бурақ Йилмаз.
Хорватия: Субашич; Срна, Чорлука, Вида, Стринич; Бадель, Модрич, Ракитич; Брозович, Перишич; Манжукич.

Фотиҳ Терим, Туркия терма жамоаси бош мураббийи: 

- Биз учун гуруҳдан чиқиш ўта муҳим. Агар буни уддалай олсак, кейин жиддий мақсадларни ўз олдимизга қўйишимиз мумкин. Хорватияда кучли таркиб тўпланган ва уларга имкониятларидан келиб чиқиб муносабатда бўлишимиз керак.
Бизнинг таркибдаги ёш Эмре Мор - алоҳида истеъдодга эга футболчи. Мен уни терма жамоага чақириб жуда тўғри қарор қабул қилдим деган фикрдаман. Ишонаманки, у дунё даражасидаги футболчига айланади.
Биз Арда Турон "Барселона"да кўпроқ вақт давомида ўйнашини истаймиз. У ўйин амалиётига эга бўлмасада терма жамоага мунтазам равишда чақирилиб турилди. У бизнинг энг асосий футболчимиз.

Анте Чачич, Хорватия терма жамоаси бош мураббийи:
- Жамоа ўйинга тайёр ҳолатда. Бизнинг иштаҳамиз карнай, жамоадаги ички муҳит аъло даражада. Хорватия терма жамоаси ҳамиша шундай бўлган. Бизда юқори тоифали футболчилар бор, баъзилари шу вақтгача икки марта Европа чемпионати иштирокчиси бўлишга улгурган. Шунингдек, янги авлод етишиб келмоқда.
Бизнинг гуруҳда плей-оффга чиқишни кўзламаган жамоа йўқ. Туркларга қарши биринчи ўйин жуда муҳим аҳамиятга эга. Биз ўйинни фаол бошлашимиз, тўпга эгалик қилиб, рақиб жарима майдони яқинида ўйин олиб боришимиз керак.
Туркия терма жамоасига ҳурматимни билдирган ҳолда айтишим керакки, биз ўзимизга керакли натижага эриша оламиз. Рақибни яхши ўргандик, улар ҳақида керакли маълумотларга эгамиз ва ўйин учун бир нечта режа тузиб қўйганмиз. Мен шогирдларимга туркларнинг ожиз томонлари ҳақида айтганман ва бу нуқталардан омилкорлик билан фойдаланишимиз керак.

Манба: Tribuna.uz