Бугун E гуруҳи вакиллари ҳам Европа чемпионатидаги иштирокни бошлайди. Тошкент вақти билан соат 21:00да Париж шаҳридаги «Стад де Франс» ўйингоҳида Ирландия ва Швеция ўртасидаги учрашув бошланади. Ўйин ҳаками сербиялик Милорад Мажич.

Ирландия 4 йил олдин Польша ва Украина майдонларида ўтган Европа чемпионатида ҳам иштирок этганди, аммо ўшанда жамоага етакчилар етишмаганди. Бу сафар Мартин О ’ Нил шогирдлари ҳам гуруҳ аутсайдери сифатида қаралаётган бўлсада, улар гуруҳдан чиқишни ният қилишган.

Швеция ҳам Ирландия каби саралаш баҳсларида гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, ўтиш ўйинларида иштирок этиш орқали турнирга йўлланма олган. Францияга йўл қийин кечган бўлсада, Эрик Ҳамрен шогирдлари жанговар руҳда турнирга келган. Терма жамоага минимал вазифа сифатида гуруҳдан чиқиш топширилган, бугунги ўйинда Златан Ибраҳимович ва унинг жамоадошлари яққол фаворит.

Турнир арафасида ирландияликлар Беларусь билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди ва мағлуб бўлди. Швеция эса Уэльсни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Саралаш ўйинлари вақтида Ирландия терма жамоасининг асосий ҳужумчиси Жонатан Уолтерс бўлди. Мартин О’Нил бугун ҳужумда Уолтерс ва Лонгни ўйнатиши кутилмоқда.

Швеция ҳужумида эса Златан Ибраҳимович ҳаракат қилади. Ўз фаолиятида тўртинчи бор Европа чемпионатида иштирок этаётган бу футболчи бугун гол уриш орқали кетма-кет 4та Европа чемпионатида гол урган илк футболчига айланиши мумкин. У 2004 йили Болгария ва Италия терма жамоалари дарвозасини ишғол қилган, 2008 йили Австрия ва Швейцария майдонларида кечган турнирда Греция ва Испанияга гол урган, 2012 йилги турнирда эса Украина ҳамда Франция дарвозаларига тўп киритган. Ибраҳимовичдан ташқари Криштиану Роналду ҳам қаторасига тўртинчи марта Европа чемпионатига келган, лекин Ибраҳимович португалиялик футболчидан бир кун олдин майдонга тушади ва натижага олдинроқ эришиши мумкин.

Терма жамоалар шу вақтгача жами 12та учрашув ўтказган. Шундан 3тасида ирландияликлар, 7тасида шведлар ғалаба қилган, 2та дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 18:13, шведлар фойдасига.

Бугун майдонга тушиши мумкин бўлган тахминий таркиблар:

Ирландия:

Швеция:

Мартин О ’ Нил, Ирландия терма жамоаси бош мураббийи:
"Бизда учрашув тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қила оладиган маҳоратли футболчилар бор. Агар жамоа саркашлик билан ўйин кўрсатмаса ва матонатли бўлса, бу бизнинг муваффақиятимиз омили бўлади. Бизда таркиб жуда яхши ва бу таркиб кўп нарсага қодир".

Эрик Ҳамрен, Швеция терма жамоаси бош мураббийи:
"Биз турнирга яхши тайёрландик, Швецияда ҳам, Францияда ҳам. Ирландия терма жамоасини ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, бу жамоага қарши учрашувни сабрсизлик билан кутмоқдамиз. Кейинги 4та учрашувда ирландлар майдонда тўпга эгалик қилишга урғу қаратишди. Лекин британча классик футбол билан бу услубни уйғунлаштириш қийин. Кўрамиз, уларнинг бу уриниши бугунги ўйинда қандай чиқаркан. Биз ҳар қандай вариантга тайёрмиз".

Манба: Tribuna.UZ