Америкада, Флоридадаги оммавий қотилликда айбланаётган Омар Матиннинг собиқ хотини унинг соғлиғида руҳий жиҳатдан жиддий муаммолар бўлгани ҳамда эри унга нисбатан тажовузкорона муносабатда бўлганини айтиб ўтди.

Орландодаги тунги клубда 50 кишини ўлдирган 29 ёшли Омар Матин аввал ўзбекистонлик Ситора Юсуфийга уйланган бўлган. У собиқ эрининг ёвуз хулқ-атвори ва беқарор руҳий ҳолати ҳақида сўзлаб берди.

Ситора The Guardian нашрига берган интервьюсида 2009 йилда Омар Мартин билан интернет орқали танишганини айтган. Танишувдан бир неча ҳафта ўтиб, у Омарга турмушга чиқишга розилик берган ва Флоридага кўчиб ўтган. Жуфтлик йигитнинг оиласига тегишли Форт-Пирсдаги уйда яшаган. Бироқ бир неча ойдан сўнг Ситоранинг ота-онаси қизининг калтакланаётганидан хабар топиб, уни бу ердан олиб кетган. Жуфтлик 2011 йилда расман ажрашган. 

Ситоранинг маълум қилишича, дастлаб Омар оддий одамдек туюлган, аммо кейинчалик ўзининг беқарор хулқ-атворини кўрсата бошлаган.

"Уйга келиб, шунчаки кир ювишни тугатиб улгурмаганим учун ҳам калтаклаб кетарди. Ота-онам мени ундан тортиб олиб кетишди", - дея тан олади у.

Матин вояга етмаганларнинг қамоқхонасида қўриқчи бўлиб ишлаган, бундан ташқари тренажёр залига тез-тез чиқиб турган. Қизнинг ёдга олишича, у камгап бўлган, аммо у қадар диндор бўлмаган. Аёлнинг таъкидлашича, Омарнинг террорчи ташкилотларга алоқаси бор ё йўқлигини айтиш қийин.

"Ҳар ҳолда у менга буни билдирмаган", деган Ситора. 

Ситора ўша пайтларда Омарнинг қонуний йўл билан қўлга киритган ўқотар қуроли бўлганлигини айтди.

"У полициячи бўлишни истарди", - деди жиноятчининг собиқ хотини.

У Матинда биполяр бузилиш бўлгани ҳамда охирги 7-8 йил ичида уларнинг орасида ҳеч қандай муносабатлар бўлмаганини қўшимча қилди.

"Унинг қилган жиноятини айтишганида ҳайратга тушдим", - деди Ситора. 

12 июнга ўтар кечаси Омар Матин Орландодаги клубда 50 кишини отиб, 53 нафари кишига тан жароҳатлари етказди.