Молодой американский режиссёр Зак Бот (Zach Both) Imgur ижтимоий тармоғида эски юк фургонини қандай қилиб, қулай кўчма уйга айлантирганини ҳикоя қилди. У, ўзининг ғилдиракли уйларда истиқомат қилиш истагини касби билан изоҳлаган. Унинг айтишича, кинематограф ҳикояларни фильмга айлантириши учун турли ҳудудларда кезиб юриши керак. 

Бот Craigslist сайтидан 2000-йиллар бошида ишлаб чиқилган фургонни харид қилган. У, машинага ўзгартиришлар киритишдан аввал, фотошопда унинг якуний суратини чизиб олган. 

Зангларни кетказиш ҳамда вакуумли тозалашдан ишни бошлаган Зак машинани қайтадан бўёқлаб, ички томонини иссиқлик сақловчи материаллар билан ўраган. 

Иситиш имкони бўлмаган барча ёриқларга монтаж кўпиги сурилган. Закнинг отаси эса, фургон томида ҳаво айлантириш тешигини очишда ўғлига ёрдамлашган. 

Кливленд черкови томонидан бепул берилган тахталар, ички безаш ишларида асқатган. Фургоннинг винил поли фанер устидан жойланган. 

Фургонни ички қисмини ҳудудларга бўлиш учун фанердан деталлар ясаб олинган. Матрасни эса, машина энига мос келиши учун қисқартиришга тўғри келган. 

Машинанинг томига 2та қуёш батареяси ҳам ўрнатилган бўлиб, у кичиккина музлатгич ва бошқа электр эҳтиёжларини таъминлайди. 

Орқа ойналарнинг пардалари, Закнинг сўзларига кўра, осон очилиб-ёпилиши учун магнитлар билан маҳкамланади. 

Умуман, фургондаги кўпгина буюмлар бир неча вазифани бажаради. Мисол учун, курси бир вақтнинг ўзида чиқинди идиши ҳам ҳисобланади.

Оқ парда эса проектор учун экран вазифасини бажаради. Столни ҳайдовчи ўриндиғига боғлаб қўйиш ёки у билан фургоннинг ички ҳудудини ажратиш ҳам мумкин.

 

Бундан ташқари, Зак Бот ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бепул онлайн маслаҳат ташкил этган ва уни интернетга жойлаштирган.