Бугун, 14 июнь куни Европа чемпионати гуруҳ босқичи, биринчи туридаги охирги учрашувлар ўтказилади. Дастлаб, Тошкент вақти билан соат 21:00да Бордо шаҳридаги "Матмю Атлантик" стадионида Австрия – Венгрия тўқнашуви бўлиб ўтади. Бу учрашув якунланганидан 1 соат ўтиб эса Сент-Этьеннда, "Жоффруа Гишар" ўйингоҳида Португалия ва Исландия учрашуви бошланади. Ўйин ҳаками туркиялик Жунайд Чақир.

Сент-Этьенндаги ўйин турнирнинг гуруҳ босқичидаги 1-тур учрашувларини ёпиб беради. Бу ўйинда Криштиану Роналду етакчилигидаги португаллар тажрибали мураббий Ларс Лагербек янги босқичга олиб чиққан Исландия терма жамоасига қарши чиқади.

Икки жамоа ҳам турнирга аъло кайфият билан ташриф буюрган. Турнир арафасидаги ўртоқлик учрашувида португаллар эстонларни 7:0 ҳисобида енгган, исландияликлар эса Лихтенштейн устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бу жамоалар Евро-2012 саралашида ўзаро ўйнаган, ўшанда португаллар уйда 5:3, сафарда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Исландия терма жамосининг ҳозирги авлоди барча даврлардаги таркиби орасида энг юлдузлиси (Сигурдссон, Сигторссон, Финнбогассон, Гуннарссон). Бундан ташқари, жамоага 67 ёшли тажрибали мутахассис Ларс Лагербек мураббийлик қилмоқда. У шу вақтгача Европа чемпионатида 3 марта, 2000, 2004 ва 2008 йилларда Швеция терма жамоаси билан бирга қатнашган. Исландлар саралаш босқичида Туркия ва Нидерландияни ортда қолдириб, Чехиядан кейинги иккинчи ўринни эгаллади ва турнирга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.

Португалия эса кейинги 12 йилда йирик турнирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Бунда айни вақтда 31 ёшга чиққан Криштиану Роналдунинг ўйинлари ҳам сабаб. У якунланган мавсумни ҳам юқори суръатда ўтказди ва барча турнирларда жами 48 учрашувда майдонга тушди ва 51 гол уриб, 15 марта голли пас узатди. У билан биргаликда жамоада Моутиньо, Нани ва Куарежма етакчилар ҳисобланади. Куарежма бугунги ўйинни кичик жароҳати туфайли қўйиб юборади.

Тахминий таркиблар:

Фернанду Сантуш, Португалия бош мураббийи:
– Футболчилар ўйин бошланишини интиқлик билан кутишмоқда. Албатта, биз турнирни аъло даражада ўтказиш учун келганмиз. Бунинг учун ҳар бир ўйинда ғалаба қилиш керак.
Исландия – жисмоний жиҳатдан етук жамоа. Жамоа жисмонан кучли, тактик ўйин яхши йўлга қўйилган, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам бирдек яхши ўйнай олади. Исландлар бизнинг ғалабага бўлган интилишимизга қарши барча ишни қила олишади.

Ларс Лагербек, Исландия терма жамоаси бош мураббийи:
– Барча биладики, Роналду – дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири. Албатта, биз бутун жамоага қарши ўйнасакда, биринчи навбатда уни қуролсизлантиришга ҳаракат қиламиз.

Манба: Tribuna.UZ