«Трансформерлар» фильми режиссёри Майкл Бэй, фантастик жангари фильмининг бешинчи қисми Transformers 5: The Last Knight учун ишланган Ford Mustang полиция машинасининг суратларини интернет саҳифасига жойлаштирган. Суратда кўраётганингиз ушбу спорткари кинокартинанинг қаҳрамонларидан бири робот Баррикейдга айланади.

Режиссёрнинг қайд этишича, автомобиль-трансформер фильмдаги рақиблардан бири бўлиб, у жазолаш ва қул қилиш билан шуғулланади. 

Баррикейд-Форднинг техник кўрсаткичлари ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Одатда, АҚШдаги Ford Mustang 4 хил мотор билан савдога чиқарилади. Булар: 2.3 (310 от кучи), 3.7 (300 от кучи), 5.0 (435 от кучи) ва 5.2 (526 от кучи)га эга двигателлардир.

Аввалроқ, Майкл Бэй «Трансформерлар»нинг бешинчи қисми учун Chevrolet Camaro купесини намойиш этганди. У, Бамблби роботига айланади. Ушбу автомобилни General Motors концерни фильм учун махсус ишлаб чиққан. 

Transformers 5: The Last Knight фильмининг жаҳон тақдимоти 2017 йил 23 июнида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Кинокартинада Марк Уолберг, Энтони Хопкинс ва Жош Дюамеллар ҳам иштирок этади.