Бугун, Тошкент вақти билан соат 23:59да Марсель шаҳридаги "Велодром" ўйингоҳида Европа чемпионатининг А гуруҳидаги Франция ва Албания терма жамоалари учрашуви бошланади. Ўйин ҳаками шотландиялик Уильям Каллум.

Франция ўзи мезбонлик қилаётган турнирни Руминия устидан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади. Лекин Дидье Дешам шогирдлари бу ўйинда кутилганидек тўла устунлик қилишмади.

Франциядан келаётган хабарларга кўра, Дешам Албанияга қарши учрашув учун таркибда кардинал ўзгаришлар амалга ошириши мумкин. У биринчи ўйинда ишончни оқламаган Поль Погба ва Антуан Гризманнинг ўрнига бошланғич таркибда Антони Марсиял ва Кингсли Команни туширишни мўлжалламоқда. Бу вариантга кўра, Пайе биринчи ўйиндагидан фарқли ўлароқ орқароққа сурилади.

Албани ҳам бугунги учрашувда гуруҳдан чиқиш имкониятларини сақлаб қолиш учун курашади. Болқонликлар биринчи учрашувда Швейцариядан ижрочилар етишмаслиги туфайли мағлуб бўлди. Қолаверса, биринчи ўйинда жамоа сардори Лорик Цана қизил карточка олган ва бугун у ўйнамайди. Мураббий Де Бьязи жамоа билан ўтган йили Францияни енгганди, аммо бу ўртоқлик учрашувида рўй берган. Ундан олдинроқ эса жамоалар дуранг ўйнаган.

Тахминий таркиблар:

Жанни Де Бьязи, Албания терма жамоаси бош мураббийи:
“Биз Францияни яхши биламиз. Улар ўз майдонларидаги ўйинда фақат олдинга интилишади. Биз уларга ўз ўйинларини намойиш этишга йўл бермаслигимиз, қарши ҳужумлар учун пайт пойлашимиз керак бўлади. Кингсли Коман ўта тез ўсмоқда, Нголо Канте йил кашфиёти. Умуман олганда, Франция — ҳозир дунёдаги энг кучли жамоалардан бири. Биз Швейцарияга қарши яхши ўйнадик, аммо гол ура олмадик. Биз машғулотлар вақтида биринчи ўйиндаги хатолар устида ишладик”.

Дидье Дешам, Франция терма жамоаси бош мураббийи:
"Ўйиндан олдин ажойиб муҳит юзага келган. Янги Велодром —  футбол муҳити иборасини ифодаламоқда. Бу ерга 2014 йилдан буён энди қайтмоқдаман. Стадионни реконструкция қилишган, бу стадионни, Марселни ва эски танишларни кўришдан мамнунман.
Албания — ўйини яхши ташкил этилган жамоа, уларда итальян мураббий. Улар яхши ҳимоялана олишади, қарши ҳужумларда тезкор.
Албанлар меҳнаткаш ва майдоннинг ҳар бир қисми учун курашади. Биз буни Швейцарияга қарши баҳсда кўрдик, улар камчилик бўлиб ўйнаб, ўйин охирида гол уришлари ҳам мумкин бўлди.