Исландия терма жамоаси яримҳимоячиси Кари Арнасон Португалияга қарши кечган учрашувдан кейин Криштиану Роналду Исландия термасига нисбатан билдирган танқидига кескин жавоб берди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Португалиялик футболчи заҳархандалик билан Исландия Евро-2016’да ҳеч нарсага эриша олмаслигини айтган.

"Криштиану Роналду ачинарли ҳолдаги омадсиздир. У ютқазишни билмайди. У нимани кутганди? Биз унга қарши "Барселона" каби ўйнашимизними? У кулгини қистади. Бизнинг жамоа – шубҳасиз, аутсайдер, биз аутсайдер каби ўйнадик. Бироқ биз ютишимиз ҳам мумкин эди, шунчаки бироз омадимиз келмади.

Биз майдонда Роналдуга алоҳида эътибор қаратмадик. Ҳамма у қанчалик абжир эканлигини яхши билади, биз уни кузатдик, бироқ ўйинимиз режасини атайлаб ўзгартириш ва Роналдуни алоҳида ёпишга ҳаракат қилмадик. Биз шунчаки унинг бир ўзини қолдирмасликка ҳаракат қилдик ва бу аъло даражада иш берди", деб Арнасоннинг сўзларини келтириб ўтди Goal нашри.