«Барселона» жамоаси раҳбарияти бразилиялик ҳужумчиси Неймарни таркибда сақлаб қолишга уринмоқда. 

Шу билан биргаликда футболчига «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» каби бошқа жамоалардан таклиф қилинаётган катта миқдордаги пуллар каталонияликлар клубида йўқлиги тан олинган. 

«Неймар «Барселона» ҳеч қачон тўлай олмайдиган мўмай пуллар билан у бу жамоада олиши мумкин бўлган завқ ва бахтиёрликдан бирини танлашига тўғри келмоқда», — дея кўк-анорранглилар жамоаси раҳбарияти вакилининг сўзларини келтиради Испаниядаги Sport нашри.

Бундан олдинроқ, «Барселона» Неймар билан шу ҳафтанинг ўзида янги шартнома бўйича келишувга эришишга умид қилаётгани хабар қилинганди.

Футболчи билан амалдаги шартнома 2018 йилнинг ёзига қадар тузилган.

Мадридликлар 24 ёшли бу бразилияликка йилига 15 миллион евродан тўлашни назарда тутувчи 6 йиллик шартнома таклиф қилмоқда.

Парижликлар Неймарга йилига 18,5 миллион евродан маош тўламоқчи, бу миқдор бонуслар ҳисобига йилига 28 миллион еврони ташкил қилиши ҳам мумкин.

Манчестерликлар эса ҳужумчини ўз сафига жалб қилиш учун унга 17 миллион евро миқдоридаги йиллик маош тайинлашга тайёр.

Бу вақтда «Барселона» футболчи билан шартномани узайтириб, унинг йиллик маоши миқдорини 9 миллион евродан 14 миллион еврога оширмоқчи.

Манба: Tribuna.uz