«Барселона» Неймарни таркибда сақлаб қолиш мақсадида у билан  шартномани узайтириш учун якуний таклифини билдирди.

Sport.es маълумотига кўра, каталонияликлар жамоаси раҳбарияти  24 ёшли бразилияликка йилига 15 миллион евродан ортиқ маош тўлай олмаслигини билдирган.

«Барселона»дагиларнинг ҳисоблашича, Неймар жамоада Лионель Мессидан кейинги ўринда турувчи футболчи ҳисобланади ва Месси жамоадаги энг кўп миқдордаги маош олувчи футболчи бўлади.

Айни вақтда Неймарнинг белгилаб қўйилган трансфер нархи 192 миллион еврони ташкил қилади. Унинг «Барселона» билан амалдаги шартномасида йиллик маоши миқдори 9 миллион еврони ташкил этади.

Бундан олдинроқ ушбу футболчини Европанинг бира тўла 3 жамоаси 192 миллион еврога сотиб олишга тайёрлиги маълум бўлганди.

«Реал» ушбу ҳужумчига йилига 15 миллион евродан тўлашни назарда тутувчи 6 йиллик шартнома таклиф этмоқда. «ПСЖ»да Неймарнинг йиллик маоши миқдори 18,5 миллион евро бўлиши ва бонуслар ҳисобига бу миқдор 28 миллион еврога етиши мумкин. «МЮ» эса 17 миллион евролик таклиф билдирган.

Футболчининг отаси Неймар да Силва ҳамда унинг агенти Вагнер Рибейро Неймарга «Барселона»ни тарк этишни ва билдирилаётган таклифлардан бирига розилик билдиришни тавсия этишмоқда.

Футболчининг «Барселона» билан амалдаги шартномаси муддати 2018 йилнинг ёзигача.

Манба: Tribuna.uz