Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 23 июнда Кўксарой қароргоҳида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.

Икки давлат етакчиси ўзаро суҳбат давомида ШҲТнинг юбилей саммити кун тартиби бўйича фикрлар алмашдилар, Тошкентдаги йиғилиш натижаларига кўра қабул қилинадиган қарорларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Президентлар, шунингдек, ўз мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди ва улар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлларини белгилаб олдилар.

Томонлар охирги вақтда ўзаро муносабатларда ижобий ўзгаришлар, жумладан савдо айланмаси ҳажми ошгани, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия иши фаоллашгани, доимий мулоқот тажрибасини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар механизмининг ишга тушганини мамнуният билан қайд қилиб ўтдилар.   

Учрашув чоғида томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар соҳаси кўпгина экани ва икки давлатнинг тегишли тузилмалари давлатлараро алоқаларнинг бутун мажмуасини илгари суриш мақсадида режали ишни ўтказишлари кераклигини яна бир бор таъкидлаб ўтдилар.

Бу мазмунда Тожикистон президенти ўз мамлакатининг ташқи сиёсатида тожик-ўзбек муносабатларининг устувор характерда эканлигини қайд қилиб ўтди.

Ўз илдизи билан узоқ тарихга кетадиган умумий маънавий қадриятлар ва бой дўстона анъаналар ва ўзаро ҳурматга асосланган икки давлат ўртасидаги қўни-қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни, жумладан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар ва ўз эътиборларини Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг бош шарти сифатида минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарблигига қаратишди.

Учрашув сўнггида Эмомали Раҳмон Ислом Каримовга илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди ва Каримовни исталган қулай вақтда Тожикистонга ташриф буюришга таклиф қилди.