Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 июнь куни Кўксаройда Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Президентимиз Ислом Каримов учрашувда Мамнун Ҳусайннинг юртимизга илк ташрифини мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида муҳим воқеа, деб билишини таъкидлади. 

Покистон Ўзбекистонга яқин қўшни, улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлат. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. 

Давлатларимиз минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Ҳаракат дастурини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Саммит доирасида ШҲТда аъзо давлат мақомини олиш мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши унинг амалий натижаси бўлди.

Фото: ЎзА