"Барселона" жамоасини тарк этган бразилиялик футболчи Дани Алвес Туриннинг "Ювентус" жамоаси билан битим имзолади. Бу ҳақда "кўҳна синьоралар" жамоаси расмий сайтида хабар қилинган.

Бугун 33 ёшли футболчи Италия клубида тиббий кўрикдан ўтган ва 2018 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккан.

Алвес "Барселона"га 2008 йили "Севилья"дан келиб қўшилганди. У каталонияликлар жамоаси сафида жами 391 учрашув ўтказиб, 21 гол урган. У "Барселона" футболчиси сифатида 6 марта Испания чемпиони бўлди, 4 мартадан мамлакат Кубоги ва Суперкубогига эга чиқди. Шунингдек, 3 мартадан ЕЧЛ ва УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлди.