Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси, айни вақтда телефидениеда фаолият кўрсатувчи эксперт Гари Линекер Англиянинг Исландияга қарши ўйиндан кейин турнирни тарк этганига ўзига хос истеҳзо билан муносабат билдирди.

Ниццадаги «Альянц Ривьера» стадионида кечган учрашувда инглизлар 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди. 

«Тарихимиздаги энг ёмон мағлубият. Англия профессионал футболчиларидан кўра вулқонлари кўп мамлакат терма жамоасига ютқазди. Исландлар зўр ўйнади», — деб ёзган Линекер ўз твиттерида. 

Бундан олдинроқ, Линекер ўйин давомида мағлубиятга учраётаган Англия терма жамоасига қараб, «Англия ҳар жабҳада Европадан чиқиб кетмоқчи кўринади», дея твит ёзганди.

Англия Евро-2016 турниридаги иштирокини якунлади. Исландия  турнирнинг чорак финалида мезбон Францияга қарши ўйнайди. Учрашув 3 июль куни бўлиб ўтади.