Италия, Колумбия ва АҚШ полицияси 11 тонна кокаин гиёҳвандлик моддасини йўқ қилди ва мафия гуруҳи аъзолигига гумон қилиб, 33 кишини қўлга олди. Бу ҳақда “Рейтер” агентлиги хабар бермоқда.

Италиянинг мафияга қарши курашиш миллий бўлими раҳбари Франко Робертининг маълум қилишича, кокаиннинг катта қисми Колумбияда мусодара қилинган.

Агентликнинг хабарига кўра, жиноий тўда кокаинни Колумбиядаги жунглейда жойлашган еттита лабораторияда тайёрлаган. Наркотиклар тропик мевалар контейнерида Европага ва АҚШ орқали Панама, Коста-Рика ва Доминикан республикаларига етказиб берилган.


Римда ўтган матбуот анжуманида Робертининг айтишича, операция АҚШ гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг Италия ва Колумбиядаги ходимлари ҳамда шу давлатларнинг полицияси билан ҳамкорликда ўтказилган.