Сурхондарёлик Рамил Махаматуллин (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қашқадарё вилоятида Ucell уяли алоқа компанияси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган Muborak best trade group,  Nasaf kesh naxshab, Sarvarbek sifat savdo ҳамда Dasht savdo масъулияти чекланган жамиятларидан ноқонуний равишда қўлга киритган 65 нафар  шахснинг фуқаролик паспорти нусхаларига уяли алоқа сим карталари харид қилиб, улардан қонунларимизга хилоф равишда халқаро алоқа хизмати кўрсатиш билан шуғулланиб келган.

Р.Махаматуллин тергов жараёнида шахсини аниқлашнинг иложи бўлмаган, қўшни республикалик “Антон” ва “Коля” исмли шахслардан давлатимиз ҳудудига божхона назоратини четлаб олиб кирилган алоқа мосламаси ва бошқа техник воситаларини олиб, Чилонзор туманидаги кўпқаватли уйларнинг бирига ўрнатади ва 65 нафар фуқаронинг номига расмийлаштирилган телефон рақамлари ёрдамида аҳолига ноқонуний равишда уяли алоқа хизмати кўрсата бошлайди.  У ушбу фаолияти учун “Коля” исмли шахсдан ойига 900 АҚШ доллари хизмат ҳақи олиб туради. Тегишли тартибда лицензия олмай, қонунларимизни четлаб ўтган  Р.Махаматуллин яширин фаолиятини узоқ давом эттира олмади. Унинг қилмишлари СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан фош этилди.

Суд томонидан Р.Махаматуллинга тегишли жазо тайинланди.