Иордания чегарасидаги вақтинчалик қочқинлар лагерида 85 минг нафардан зиёд сурияликка  ўн кундан буён фақатгина сув берилмоқда. Бу ҳақда БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик айтиб ўтган.

“БМТ ва унинг ҳамкорлари Суриянинг Иордания билан чегарадош ҳудуддаги қочқинларнинг вақтинчалик лагеридаги одамларга сув, егулик ва тиббий жиҳозлар етказилишни зудлик билан тезлаштириш кераклигига чақирмоқда. У ердаги одамлар жуда қийин вазиятга тушиб қолишган”, - дейди Дюжаррик.

Вазият 21 июнь куни қочқинлар лагеридан унча узоқ бўлмаган ерда автомобилнинг портлаши натижасида Иордания чегарасининг ёпилишидан сўнг таранглашди. Ўшанда олти нафар иорданиялик чегарачи ҳалок бўлган, 14 нафари яраланган эди. Терактни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олганди.