Лондоннинг «Арсенал» жамоаси расмий сайтида Япония терма жамоаси ва «Санфречче Хиросима» клуби ҳужумчиси Такума Асано трансфери бўйича жараён муваффақиятли ҳал этилгани ҳақида маълум қилинди.

21 ёшли бу футболчи тиббий кўрикдан ўтгач, шартномага имзо чекади.

«Такума — талантли ёш ҳужумчи. У Японияда ажойиб фаолият ўтказди, биз уни сабрсизлик билан кутмоқдамиз. У яқин йилларда бизнинг жамоамизда янада ўсишига умид қиламиз», — деган «канонирлар» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер.

«Санфречче Хиросима» жамоасига ушбу футболчи 2013 йилнинг январида қўшилган. Асано бу жамоа сафида 56 учрашувда майдонга тушиб 11 гол урган. У Япония терма жамоасига чақирила бошлагач, 5та ўйин ўтказди ва бир гол урди.

Бундан олдинроқ «Арсенал» япониялик ҳужумчини трансфер қилиш бўйича ҳаракат бошлагани, футболчининг ўзи эса фаолиятини Англияда давом эттириши ҳақиқатга яқин эканини айтгани ҳақида хабарлар берилганди.