Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеий АҚШ билан ҳудудий муаммоларни ҳал этиш масаласида, хусусан Сурия мавзусида ҳамкорлик қилинмаслигини таъкидлади. У бу ҳақда Теҳронда талабалар билан ўтказилган учрашуви вақтида гапирган.

"Биз бундай ҳамкорликка бормаймиз. Асосий мақсади Эронни йўқ қилиш бўлган АҚШ билан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди", дея Хоманеийнинг сўзларини келтиради ТАСС.

Бундан олдинроқ Вашингтондагилар Сурия масаласида Эрон билан ҳамкорлик қилиниши эҳтимоли ҳақида гапиришганди.

Эрон раҳнамосининг сўзларига кўра, "Эрон АҚШ минтақадаги ишларга аралашмаслиги"ни истайди.

"Кимки Эронни ўз тараққиёти учун Ғарбга суянади деб ўйласа, у бутунлай ақлини йўқотган бўлади. Мен бундай иш бўлишига қаршилик кўрсатишни ўзимнинг маънавий ва диний бурчим деб ҳисоблайман", деган у.