Шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани муҳим воқеалардан бўлди. Анжуман якунида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва умуман дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлайдиган кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбари куни кеча Қашқадарё вилоятига сафари чоғида Қарши туманидаги “Шукрона” фермер хўжалигида бўлиб ўтган учрашувда яна бир тарихий воқеани эслатиб ўтди. Бундан ярим аср муқаддам айнан Тошкентда  Ҳиндистон ва Покистон ўртасида аланга олиши мумкин бўлган урушнинг олди олинган эди.  

Тошкентга баҳо берилганда, тинчлик, дўстлик шаҳри дея таърифланади. “Тошкент руҳи” деган ибора ҳам тез-тез тилга олинади. Бун гапларда жон бор, албатта. 
Бундан роппа роса 50 йил аввал бўлгани каби бу гал ҳам Тошкент Ҳиндистон ва Покистон ўртасида чиқиши эҳтимоли бўлган низоларнинг олдини олиш майдонига айланди. 

1966 йилнинг 11 январида Покистон президенти Муҳаммад Айюб Хон ва Ҳиндистон бош вазири Лаьл Баҳодур Шастри томонидан Тошкент декларацияси имзоланган ва икки мамлакат ўртасида давом этаётган қуролли низоларга барҳам берилган эди. Уларнинг ҳар иккиси кучли сиёсатчи эди. Ҳарбий бўлмиш Муҳаммад Айюб Хон ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятга келган ва референдум орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олганди. Шастри эса мустақил Ҳиндистоннинг Жавоҳарлаъл Нерудан кейинги иккинчи раҳбари эди. Музокаралар осон кечмади. Томонлар бир-бирларини айблар экан, қуролли можаролар учун масъулиятни ўз зиммаларига олишни исташмасди. Тошкентда кўрилган  дипломатик саъй-ҳаракатлар самарасиз бўлмади. Ўша йили «Огонёк» журналида Ҳиндистон ва Покистон раҳбарларининг бир-бирларининг қўлларини ушлаб турган суратлари чоп этилди. Сурат остида “Мир и сотрудничество — вот что такое историческая Ташкентская декларация, и ее услышал весь мир” (Тинчлик ва ҳамкорлик - Тошкент декларациясининг аҳамияти мана шунда, уни бутун жаҳон тинглайди”) деган сўзлар бор эди. Аюбхон ҳам, Шастри ҳам биринчи галда ўзларининг сиёсий тақдирларини эмас, балки мамлакатларининг келажагини ўйлаб Тошкент декларациясига имзо чекишди. 

Ўшанда Тошкент декларацияси минтақа сиёсий ва дипломатия тарихида унутилмас ҳодиса сифатида тан олинган эди. Бу гал ҳам ШҲТга аъзо бўлиши кутилаётган бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда муаммолар юз бериши олди олинади, дўстлик алоқалари мустаҳкамланади. 

Биринчи Ҳинд-Покистон уруши 1947 йилнинг 22 октябрига ўтар кечаси бошланди. 1965 йилнинг апрелида иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши аланга олди. Ғарб мамлакатларининг яраштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари муваффақиятсизликка учради. 

Аслида келишмовчиликлар  1947 йилда Буюк Британиянинг мустамлакаси бўлмиш Ҳиндистоннинг иккига - Ҳиндистон Иттифоқи ва Покистонга бўлиниши биланоқ бошланганди. 200 йиллик мустамлакачиликдан сўнг Буюк Британия Ҳиндистонга мустақиллик беришга мажбур бўлди. Кашмир ҳукмдори минтақа аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлишига қарамай Англия парламенти томонидан Ҳиндистон мустақиллиги тўғрисидаги қонунга асосланиб, Кашмирни Ҳиндистон таркибига киритишга қарор қилади. Бу қарор Покистон томонидан қабул қилинмайди. Бу ўз навбатида икки мамлакат ўртасида қуролли тўқнашувларга сабаб бўлди. Натижада Кашмир иккига бўлинади. Яъни Кашмирнинг 86 минг кавдрат километри Покистон, 130 минг квадрат километри Ҳиндистон томонидан назорат қилинади. Ҳиндистон назоратидаги ҳудуд Жамму ва Кашмир штати деб юритилади. Буюк Британия мустамлакаси давридан буён Кашмирнинг мустақил давлат сифатида эълон қилиниши тарафдорлари бўлмиш миллий ҳаракатларнинг фаолашуви эса масалани янада мураккаблаштирди. 

Кашмир масаласи кун тартибига қўйилиши биланоқ Британия Ҳамдўстлиги доирасида Буюк Британия ва Австралиянинг саъй-ҳаракатлари ҳам, БМТнинг аралашуви ҳам самара бермади. 1965 йилги қуролли можароларга муносабатда жаҳон давлатларининг фикри бир ердан чиқди. Ҳеч бир давлат тўқнашув қамрови кенгайишини истамасди. 1965 йил 8 сентябрда Вашингтон ва Лондон можарони тўхтатиш мақсадида минтақага қурол-яроғ етказиб берилиши тўхтатилиши борасида баёнот берди. Аммо бу қарор тескари натижани келтириб чиқарди. Ўт очишни тўхтатиш ўрнига томонлар курашни давом эттиришга қарор қилишди. Ғарб дипломатияси қуролли тўқнашувни тўхтатишга эмас, ҳар икки томондаги “Урушлар партияси”нинг фаоллашувига олиб келди. 

Ҳар икки мамлакат турли блокларга аъзолиги сабаб бу низолар минтақанинг бошқа давлатларини ҳам қамраб олиш хавфи пайдо бўлди. Тошкент уларни яраштириш майдонига айланди. Тинчлик шаҳрида деярли бир ҳафта (3 -10 январь кунлари) музокаралар бўлиб ўтди. Охир-оқибат тинчлик битими имзоланганидан кейин, хурсандчиликка юраги дош бера олмай, Шастри вафот этган. Шастрининг Ҳиндистон байроғи ёпилган тобутини Покистон президенти ҳам аэропортгача кузатиб қўйди. Унинг ўлими қўлга киритилган сиёсий муваффақиятларга озгина бўлса-да соя солгани йўқ. У тинчлик учун ва тинчлик йўлида ҳаётидан кўз юмди. Ҳиндистонинг машҳур сиёсатчиси шарафига Тошкентда бир эмас иккита ёдгорлик - бюст ва ҳайкал ўрнатилган. 

Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар ўз қуролли кучларини аввалги марралара қайтарди, икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва савдо алоқалари қайта тикланди. Бунинг самараси ўлароқ сиёсий доираларда “Тошкент руҳи” деган ибора ишлатила бошланди. Тошкентнинг обрўси нафақат Осиё қитъасида, балки жаҳонда  анча юксакликка кўтарилди. 

Тўғри, орадан олти йил ўтиб, яъни 1971 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида яна қуролли тўқнашув бўлиб ўтди. Бунинг оқибатида Покистон шарқий минтақасини бой берди ва минтақа ўрнида Бангладеш давлати пайдо бўлди. 1971 йилнинг  декабрида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида янги битим имзоланди. Аммо шунга қарамай икки мамлакат ўртасида мунтазам қуролли низолар чиқиб туради. Шу сабабли ҳам бу икки мамлакатнинг ШҲТга аъзолиги мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилиши шубҳасиз. Тошкентда қабул қилинган ҳужжатнинг аҳамияти катталиги ҳам шунда. 

Шарофиддин Тўлаганов