«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ бош мураббийи Луи ван Гаал Бельгия терма жамоасини бошқариши мумкин. Бу ҳақда Het Laatste Nieuws хабар тарқатди.

Ҳолландиялик мутахассис айни вақтда Португалияда таътилни ўтказмоқда ва бельгияликларнинг 2016 йилги Европа чемпионатидаги ўйинларини кузатган. 

Марк Вильмотс шогирдлари кутилмаганда турнир чорак финалида Уэльсдан 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди.

Бельгия қироллиги футбол ассоциацияси Вильмотсни истеъфога чиқаришни режалаштирган. Унга шартнома муддатидан олдин бир томонлама бузилгани учун 1 млн евро миқдорида товон пули тўланиши мумкин. Вазият бир ҳафта ичида ойдинлашиши кутилмоқда.

Вильмотс кетган тақдирда унинг ўрнини эгаллаши мумкин номзодлардан бири ван Гаал бўлади.

2009 йилда ҳам ван Гаалга Бельгия терма жамоаси бош мураббийлиги таклиф этилган, лекин мутахассис ўшанда «Бавария»да ишлашни маъқул кўрганди.

Манба: Tribuna.uz