Жаҳон динларининг дунёда содир бўлаётган зўравонликларга умуман алоқаси йўқ, деган фикрни билдирган БАА бағрикенглик ва иқтисодиёт давлат вазири шайхия Любна ал Қосимий хоним РИА Новости агентлигига берган интервьюсида. 

"Дунёнинг барча динлари тинчликни тарғиб қилади. Бугунги кунда, жаҳонни ларзага солаётган зўравонликлар, ваҳшийлик ва кўраолмаслик ҳолларининг мазкур динларга умуман алоқаси йўқ ҳамда уларнинг бағрикенглигини акс эттирмайди", — дея таъкидлаган ал Қосимий. 

Унинг сўзларига кўра, араб дунёси фундаментализм, экстремизм ва зўравонликларнинг ўсиши билан боғлиқ таҳдидларга тўқнаш келмоқда. Аслида бир жамиятдаги бу каби салбий кўринишлар, ижтимоий қатламлар, айниқса ёшлар орасида бирдек тарқалиши билан янада хавфли тус олиб боради. 

Араб дунёсидаги обрўли ва таъсирли сиёсатчи аёллардан бирининг фикрича, "халқаро ҳамжамият экстремизмга қарши курашиш ва уни илдизи билан йўқ қилишни хоҳлар экан, тинч йўлдан бориши, турли дин вакилларининг бирга осойишта яшашини мустаҳкамлаши, бир-бири билан узвий боғлиқ жамиятларни барпо этиши керак бўлади". 

 

Фото:© AP