Австралия Афғонистондаги миссиясини 2017 йилнинг ўрталарига қадар узайтирди. Бу ҳақида NEWS.com.au нашри маълум қилди. 

“Австралия Мудофаа кучлари қолган 39 мамлакатдан келган ҳамкасблари билан ишлашда давом этишади”, - деди Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл ва бу миссиянинг жанговар ҳисобланмаслигини таъкидлади. Афғонистондаги мазкур ҳарбий миссия келгусида янада узоқ муддатга чўзилиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Австралия Афғонистондаги жанговор операцияларини 2013 йилнинг охирида якунлаган, тахминан 270 нафар австралиялик ҳарбийлар мамлакатда “Ишончли қўллаб-қувватлаш” афғон қуролли кучларига таълим ва ёрдам бериш миссиясида қатнашиш учун қолишган. Уларнинг бу миссияси 2016 йилнинг охирида тугалланиши керак эди.

Тернбуллнинг маълум қилишича, Австралия 2020 йилга қадар Афғонистон полицияси ва миллий армиясини молиявий қўллаб-қувватлашда давом этади, молиявий кўмак йилига 100 миллион долларни ташкил қилади. 

 “Афғонистон аҳолисини “Толибон” ва бошқа террорчи гуруҳлардан ҳимоя қилиш учун афғон хавфсизлик кучлари имкониятларини оширишни давом эттириш жуда муҳим”, - дея таъкидлади Тернбулл.