Германия пойтахти Берлинда 9 июль кечки пайт бўлиб ўтган сўл мафкура тарафдорлари намойиши тунги соатларда тартибсизликларга айланиб кетди ва полиция билан тўқнашувлар билан якунланди. 10 июлда ҳуқуқ-тартибот муассасаларида маълум қилинганидек, оқибатда 123 нафар полициячи жароҳат олган.

1,5 минг киши иштирок этган намойишнинг ўтказилишига шаҳар маъмуриятининг Ригаер-штрассе кўчасидаги бир нечта қаровсиз уйлардан аҳолининг мажбурий кўчирилиши режаси сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан келишилган намойиш ўтгандан кейин, юзлаб сўл радикаллар Фридрихсхайн ва Кройцберг туманларида полиция билан тўқнашган. Тўқнашувлар эрталабгача давом этган. Полициячилар томон тошлар, шиша идишлар ва пиротехника улоқтирилган. Камида 4 та автомобиль ёқиб юборилган.

Тартибсизликларнинг 86 нафар иштирокчиси қўлга олинди. "Берлинда охирги 5 йил ичида юз берган намойишлардан буниси энг тажовузкор ва зўравон кўринишга эга бўлди", дейилди полицияда.

Тартибни Берлин ва бошқа федерал ерлардан келган 1,8 минг полициячи таъминлаганди.