Ироқда 2003 йили бошланган уруш ноқонуний бўлган. Бу фикр Sunday Mirror кундалик газетасида чоп этилган, британиялик сиёсатчи Жон Прескотт муаллифлигидаги мақолада айтиб ўтилган. У ўз вақтида лейбористлар партиясидан ҳукуматни бошқарган Тони Блэрнинг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатганди.

"2004 йилда БМТ бош котиби Кофи Аннан айтгандики, ҳукумат раҳбарини алмаштириш мақсадида олиб борилган Ироқ уруши қонуний эмас. Афсус ва надоматлар билан мен ҳам таъкидлайманки, у ҳақ эди", - дея тан олган Прескотт.

Унинг фикрича, британиялик ҳарбийларнинг Ироққа киритилиши бўйича қарори бирданига қабул қилинган.

"Бош прокурор лорд Питер Голдсмит вазирлар маҳкамаси йиғилишига келди ва урушга кириш ноқонуний экани, лекин бунга ҳужжат билан исбот келтира олмаслигини айтди", - дея эслайди Прескотт.

У шунингдек, лейбористлар етакчиси Жереми Корбин Ироқ уруши учун ўз партиядошлари номидан узр сўраш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

6 июль куни Бирлашган қиролликда Британиянинг Ироққа ҳужумдаги иштироки ҳақидаги маъруза чоп этилди. Тергов комиссияси раиси Жон Чилкот томонидан олиб борилган текширувлар натижасида аниқланишича, Буюк Британия бу урушга ҳали вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш имкони мавжуд бўлган вақтда кирган.

НАТОнинг Ироқдаги ҳарбий кампаниясидаги иштироки доирасида Буюк Британия 2003—2009 йилларда 179 нафар аскар ва офицерларини йўқотган.