Испания қироли Филипп VI Испанияга ташриф буюрган АҚШ президенти Барак Обамага ёзувчи Мигель де Сервантеснинг (1547-1616) "Айёр идальго Дон Кихот Ламанчский" романининг инглиз тилидаги нусхасини совға қилди, деб хабар бермоқда ABC газетаси.

Газета маълумотларига кўра, испан қироли Оқ уй раҳбарига китобнинг у учун махсус тайёрланган чарм муқовадаги нусхасини совға қилган. Бундан ташқари, қирол Обамага Қироллик саройи суратини ҳам туҳфа қилди.  

Обама Испанияга 9 июль кечки пайт келди. Унинг сафар чоғида мамлакат қироли Филипп VI, ҳукумат раиси вазифасини бошқарувчи Мариано Рахой билан учрашиши белгиланганди. Обаманинг, шунингдек, Кадис қилоятидаги Рота испан-америка ҳарбий базасига ташриф буюриши режалаштирилган. Ҳозирда бу базада 4,5 мингдан кўпроқ америкалик – ҳарбийлар ва уларнинг оилалари жойлашган.

Дастлаб Обаманинг Испанияга ташрифи 11 июлгача давом этиши белгиланганди, бироқ 7 июлда оммавий отишма содир бўлган Далласдаги фожиа сабабли у ўзининг Европа бўйлаб турнесини бир кун аввал якунлайди.