Қозоғистоннинг Павлодар вилояти Иртишск туман марказида шифокорлар ва эпидемиологлар куйдирги билан касалланиш эҳтимоли сабабли текшириш ўтказишмоқда, деб вилоятнинг бош ветеринар назоратчиси Рашид Нурбеков маълум қилди "Новости-Казахстан" ахборот агентлигига.

Унинг айтишича, 8 июлда Иртишскда икки киши хавфли юқумли касалликка гумон қилиниб шифохонага етказилган. 51 ёшли ишсиз эркак ва маҳаллий кафенинг официанткаси бўлган 31 ёшли аёлда куйдиргининг клиник аломатлари пайдо бўлаётгани қайд қилинган. Беморларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда.

Нурбековнинг таъкидлашича, касалланиш касал сигирнинг гўштини нимталаш вақтида юз берган бўлиши мумкин.

Эпидемиологик тадқиқот билан 27 июнда Узунсу қишлоғида яшовчи эркак яйловда ветеринар текширувсиз сигир сўйгани, сўнгра 117 кг миқдоридаги гўштни кафега топширгани аниқланди. Бу гўштнинг бир қисми 51 киши иштирок этган байрамда пиширилган.

Ҳаммаси бўлиб профилактик мақсадда 25 киши шифохонага етказилган, улар орасида бир ёшдан 13 ёшгача бўлган 6 бола ҳам бор. Уларнинг барчаси Иртишск туман марказий шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига кузатув ва кимёвий муолажа олиш учун етказилган. Уларда касалнинг бирор бир аломати кузатилмаган.

Қишлоқда тегишли профилактик тадбирлар ўтказилган.